ТУМАН ҲОКИМИ МУРОЖААТИ
2023-01-16 14:26:33 244
Риштон тумани ҳокими Суфҳонжон Солиевнинг қиш мавсумини беталафот ўтказиш, аномал совуқ об-ҳаво шароитида аҳоли мурожаатларини тезкор ҳал қилишга қаратилган тадбирларни тизимли давом эттириш юзасидан
МУРОЖААТИ
Ассалому алайкум, азиз риштонликлар!
Гувоҳи бўлаётганимиздек, бу йилги қиш мавсуми нисбатан совуқ келиб, бутун мамлакатимизда аномал ҳарорат кузатилмоқда. Бу эса, мавсумни беталафот ўтказиш, аҳоли мурожаатларини тезкор ҳал қилишга қаратилган муҳим чора-тадбирларни тизимли давом эттиришда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари вакиллари, сектор раҳбарлари ҳамда коммунал соҳа ташкилотлари зиммасига янада масъулият юклайди.
Таъкидлаш керакки, куз-қиш мавсуми давомида аҳолидан келиб тушадиган мурожаатларни оператив равишда бартараф этиш чораларини белгиловчи ва амалга оширувчи узлуксиз навбатчилик штаби туман ҳокимлигида ташкил этилган бўлиб, шу кунга қадар штабга 100 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушган ҳамда уларнинг барчаси ўрнатилган тартибда ижобий ҳал этилган.
Шу кунларда Республика бўйича аномал совуқ ҳарорат давом этаётгани сабабли қувурларда газ босимининг кескин пасайиши кузатилмоқда. Шу муносабат билан табиий газни биринчи навбатда аҳоли хонадонлари, электр энергияси ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳамда ижтимоий соҳа объектларига етказиб бериш чоралари кўрилмоқда.
Жумладан, айрим йирик ишлаб чиқарувчи саноат корхоналарига табиий газ етказиб бериш ҳажми кескин камайтирилди ҳамда автомобилларга газ тўлдириш шохобчалари фаолияти қисқа муддатга вақтинча тўхтатилди. Бу вақт давомида автобензин ва дизель ёқилғисига талаб сезиларли даражада ортиши табиий. Эҳтиёжни тўлиқ қондириш мақсадида ушбу маҳсулотлар, мавжуд захиралар ҳисобидан, қўшимча миқдорларда сотувга чиқарилади.
Биз – сектор раҳбарлари солиқ ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари билан биргаликда туманимиз ҳудудида мавжуд бензин қуйиш шохобчаларида барча турдаги автобензин маҳсулотларининг давлат нархларида сотилиши бўйича қатъий назорат ўрнатамиз. Шунингдек, бу маҳсулотларнинг ноқонуний савдосига қарши, белгиланган тартибда, тезкор-рейд тадбирларини олиб борамиз. Бундан ташқари, аҳолига суюлтирилган газ етказиб берилиши белгиланган режа-жадвал асосида, тизимли давом этиши ҳам доимий эътиборимизда бўлади.
Ҳурматли ватандошлар!
Ҳаво ҳарорати кескин совуган шу кунларда имкон қадар жамоат транспортларидан фойдаланишингизни, зарурат бўлмаганда, уйда қолишингизни ҳамда хонадонингизда электр энергияси ва табиий газдан тежамкорлик билан фойдаланишингизни илтимос қилиб, келтирилган ноқулайликлар учун узр сўрайман.
Агар сиз автобензин маҳсулотларининг сотилишида қандайдир чекловлар жорий этилгани, нархнинг асоссиз оширилгани ёки бу маҳсулотларнинг ноқонуний савдосига дуч келсангиз, зудлик билан туман ҳокимлигида ташкилланган марказий штабга (73) 452 51 75 телефон рақами орқали мурожаат қилишингиз мумкин. Мурожаатингиз ўз вақтида кўриб чиқилиши ва тегишли тартибда бартараф этилишини кафолатлайман.
Ҳурматли тумандошлар!
Ноқулай об-ҳаво шароитида яшаш хонадонингиздаги газ ва электр иситиш анжомларидан фойдаланишда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилинг;
иситиш анжомларининг дудбуроларини назорат қилиб туринг. Хонада газ ҳидини сезсангиз, электр жиҳозларини ёқманг. Агар ёниқ бўлса, ўчирманг ва хонани шамоллатиш чораларини кўринг;
фавқулодда вазиятлар, жумладан ис газидан заҳарланиш каби нохуш ҳолатларнинг олдини олишда ўз ҳушёрлигингиз билан ҳисса қўшинг;
ёнғин ёки бошқа фавқулодда вазият содир бўлганда, зудлик билан 101 ёки (73) 452-10-54 рақамларига қўнғироқ қилинг.
Ўзингиз ва оила аъзоларингизнинг саломатлигига беэътибор бўлманг!
Эътиборингиз учун раҳмат.
Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси