ТУНУ КУН ИШЛАЙДИГАН ШОХОБЧАЛАР туризм ривожи ва аҳоли бандлигига хизмат қилмоқда
2022-12-17 09:22:30 283
Риштон туманидаги “Марказ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Ар-Рошидоний кўчасида туну кун ишлайдиган 80 та хизмат кўрсатиш шохобчаси ишга туширилиб, 260 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди.
Бу бежиз эмас. Туман марказида жойлашган бу энг узун кўча аҳоли ва транспорт қатнови учун жуда қулай бўлиб, аксарият аҳоли шу йўл бўйлаб ҳаракатланади. Бу ерда озиқ-овқат ва хўжалик
моллари, кулоллик маҳсулотлари сотуви, эшик ва ромлар устахонаси, компьютер хизмати, сартарошхона, дорихона, стоматология, тиббий диагностика, қассобхона, умумий овқатланиш, пишириқ тайёрлаш шохобчалари, фотостудия, аёллар гўзаллик ва келинлар либослари
салони сингари ўнлаб хизмат кўрсатиш тармоқлари ишга туширилди.
— Бундан икки-уч йил илгари оддий гугурт харид қилиш ёки соч олдириш учун туман марказига борганмиз, — дейди меҳнат фахрийси Йўлдошали Дадабоев. — Бугун маҳалламизнинг ўзида
аҳоли учун зарур бўлган савдо ва хизмат кўрсатиш тармоқлари ташкил этилгани узоғимизни яқин, оғиримизни енгил қилди. Бундан ташқари, маҳалламиз обод бўлди. Лойиҳа ташаббускорлари
саъй-ҳаракати билан тунги чироқлар ўрнатилди, йўллар асфальтланди, пиёдалар йўлаклари, транспорт тўхташ жойлари қурилди. Қўшни маҳалладагилар, узоқ-яқиндан келган меҳмонлар ҳам
беминнат хизмат турларидан баҳраманд бўляпти. Аҳамиятли жиҳати, туманда хизмат
кўрсатиш соҳасини ривожлантириш бўйича умумий қиймати 93,6 миллиард сўмга тенг 303 та лойиҳани амалга ошириш ҳисобига 910 та янги иш ўрни яратилиши белгиланган. Бугунги кунга
қадар 66,1 миллиард сўмлик 276 лойиҳа рўёбга чиқарилиб, 805 киши иш билан таъминланди. Хўжа Рушноий зиёратгоҳи тўлиқ реконструкция қилиниб, йилига 120 минг маҳаллий ва хорижий сайёҳни қабул қила оладиган мажмуага айлантирилди. Зиёратчиларга қулайлик яратиш
учун кутубхона ҳам қурилди. Алишер Навоий маҳалласида “Мингбоши керамик” оилавий корхонаси томонидан уй-музейи ташкил этилди.
— Президентимизнинг “Хизматлар соҳасини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар ривожида муҳим ўрин тутмоқда, — дейди туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Азиз Мустафоқулов. — Қарор ижроси доирасида 12 та маҳалла фуқаролар йиғинини туризм маҳаллаларига айлантириш, савдо-сервис соҳасини ривожлантириш
бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқилган. Йўл бўйларида савдо, кўнгилочар, гастрономик, туризм ва санъат йўналишларига ихтисослаштирилган махсус масканлар бўй кўрсатмоқда. Энг муҳими, мазкур маҳаллаларда тадбиркорларнинг айланмадан олинадиган солиқ тўлови ставкаси 2022 йил 1 апрелдан бошлаб 1 фоиз этиб белгилангани ҳисобига 127 юридик шахс ихтиёрида
739 миллион сўм, 109 нафар якка тартибдаги тадбиркорда 766 миллион сўм қолмоқда. Бундан ташқари, қарорга асосан, ер ва мулк солиқлари ставкаси 90 фоиз камайтирилиши натижасида
жорий йилда туризм ҳудудида жойлашган 327 нотурар объектга ҳисобланган 770,9 миллион сўм тадбиркорлар ихтиёрида қолмоқда. Асосий мақсад — янги хизмат кўрсатиш тармоқлари фаолиятини ривожлантириш орқали бандликни таъминлаш, ишсизларни касб-ҳунарга ўргатиб, маблағ ва шароит билан таъминлаш.
Расулжон КАМОЛОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири.
Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси