Кексаларга ҳурмат – улуғ саодат
2022-10-08 14:06:42 1162
Риштон туманида кексалар доимо эъзозда
✍️ Риштон туманида “Кексалар ҳафталиги” доирасида турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Кекса авлод вакилларига алоҳида эъзоз ва эътибор кўрсатилаётир. Нуронийлар таянч тоғларимиз, устунларимиздир. Улар маслаҳат берса, узоқни кўзлайди, дуоси орқали эл-юрт тинчлиги, меҳр-муҳаббати, дастурхон қут-баракаси, ёшлар камолотини ният қилади. Қаерда кексалар бўлса, уларга эътибор бўлса, шу жойда файз бор, барака бор. Шу боис ҳам мамлакатимизда уларни ижтимоий ҳимоя қилиш, турмуш шароитини яхшилаш ва мазмунли ҳаёт кечиришларини таъминлашга муҳим эътибор қаратилмоқда.
✅ Риштон туманида “Кексаларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш халқимизга хос эзгу фазилат” шиори остидаги “Кексалар ҳафталиги” доирасида турли тадбирлар, учрашувлар ташкил этилмоқда. Бугун туманимиздаги "Маданият уйи"да кексалар ва нуронийлар учун маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Тадбирда туман ҳокими, сектор раҳбарлари, нуроний отахон ва онахонлар иштирок этишди.
???? - Дунёнинг бошқа халқларига қараганда ўзбекчиликда кексаларга алоҳида эҳтиром кўрсатилади. Ҳар бир эзгу иш, бунёдкорлик ва ободончилик тадбирлари, маҳалладаги тўю-маъракалар уларнинг дуоси, маслаҳати, кўрсатмаси билан бошланади, - дейди туман ҳокими. - Мамлакатимизда кекса авлод вакилларининг ҳаёт даражасини яхшилаш, саломатлигини асраш учун зарур шарт-шароитлар яратиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Президентимиз томонидан ёши улуғ инсонларга қаратилаётган эътибор, бу борада қабул қилинаётган қатор ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар эндиликда қоғозда эмас, амалда акс этиб, кекса авлод вакилларининг жамиятимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида тутган ўрни ва иштирокини янада мустаҳкамламоқда.
???? - Фарзандларимиз ҳаётдаги йўлларини топиб, ўзларидан тиниб-тинчиб кетган чоғида ҳам уларни ўйлайверадиган меҳрибон халқмиз. Зеро, болажонлигимиз ҳам ота мерос қадриятларимиздан. Аммо кексаликнинг ҳам ўз завқи, ўз гашти бўлиши керак экан.Фахр билан айтиш мумкинки, биз ҳар бир ишда катталар маслагига таянадиган, кичик бир оилавий зиёфатдан тортиб, тўйларгача давраларимиз тўрини нуронийларимизсиз тасаввур эта олмайдиган миллат вакилларимиз. Шундай экан, кексаларга бўлган чексиз ҳурматимиз, улар олдидаги битмас-туганмас бурчимиз бизни улар дуосини олишга, уларни рози қилишга ундайверади. Бунинг яна бир ҳикмати шундаки, фарзандларимиз ҳам ўз-ўзидан бу анъананинг давомчиларига айланиб, кексалар дуосининг олтиндан қиммат эканини англаб боришади. Шунинг учун ҳам элимиз, юртимиз кексалар дуоси билан яшнайверади, - дейди туман Нуронийлар кенгаши раиси Т. Абдураҳмонов.
???? - Туманимизда 22 мингга яқин кексаларимиз умргузаронлик қилаётган бўлиб, хайрли ишларда улар доимо фаол, – дейди туман маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Худоёрхон Хожихонов. – Мазкур ҳафталик доирасида маҳаллаларимиздаги нуроний отахон-онахонларимизга яна бир бор эҳтиром кўрсатишни мақсад қилганмиз. Кексаларни эъзозлашдек халқимизга хос қадрият азалдан миллатни жипслаштириш, одамлар орасида меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилган. Шу боис ҳам бугун улар ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, эъзозланмоқда.
???? Тадбир давомида туман маданият бўлими ходимлари томонидан ташкил этилган концерт дастури нуронийларимиз кўнглини тоғдек кўтарди.
Риштон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.
Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси