МЕНИНГ БИРИНЧИ УСТОЗИМ

×

 2022-09-29 05:43:07    697

PDF юклаш
Чоп этиш


Бугун жамиятимизда юқори мавқени эгаллаган, фаолиятида юксак натижаларга эришаётган, эл-юрт орасида ҳурмат қозонган кишилар кўплаб топилади. Уларга ҳам дастлабки сабоқни биринчи ўқитувчи берганини унутмаслик керак. Байрам муносабати билан ана   шундай инсонларнинг ўз устозлари ҳақидаги фикрларини билишга қизиқдик.

Зарифжон Умаров, туман ҳокими ўринбосари: - Бола қалбини тушуниш учун боладек бўлиш керак, дейишади. Марҳум биринчи ўқитувчимиз Тожихон Йўлчиева бола дунёсидан хабардор, ўзи ҳам боладек самимий инсон эди. Ўз навбатида қатъияти билан ажралиб турарди. 1-синфга борганимизда ўқитувчимиз бизга шу саволни кўп берарди: Катта бўлсанг, ким бўлмоқчисан, қайси касбни эгалламоқчисан? Бола эмасмизми, кимдир учувчи, яна кимдир ҳарбий, бирови шифокор бўлиш истагида эканини айтарди. Устозимиз эса танлаган касбимиздан келиб чиқиб, қандай билимларни эгаллашимиз кераклигини эринмай тушунтирарди. “Яхши ўқисанг, келажакда яхши ишда ишлайсан, одамлар орасида обрў-эътибор қозонасан”, дея бизни доим руҳлантирган.

Отабек Мадаминов, туман ҳокимлиги бош мутахассиси: 1980 йили туманидаги 27-умумий ўрта таълим мактабининг 1-синфига қадам қўйганман. Марҳум устозимиз Аъзамжон Ҳомидов бизга мулойимлик билан дарс ўта бошлаганини эслайман. У киши дарсда барчадан фаоллик талаб қиларди. Ҳеч кимни жазоламасди. Турли йўллар билан фанларга қизиқишимизни оширарди. Бир сўз билан айтганда, болаларнинг тилини топарди. Ўқитувчим туфайли менда аниқ фанларни ўрганишга иштиёқ пайдо бўлган. Бу эса касб танлашимда муҳим роль ўйнади. Олий ўқув юртини тамомлаб, турли соҳаларда фаолият олиб бордим. Эришган ютуқларимда устозимнинг ҳиссаси катта деб биламан. Биринчи ўқитувчимиздаги талабчанлик тинимсиз ўқиб-ўрганишимизга туртки бўлган. У киши тартиб-интизомни яхши кўрарди. Ҳеч кимга уришмаган, ҳатто қаттиқ гап ҳам айтмаган. Шу сабабли устозимизга ҳурматим чексиз.

Дилоромхон Додобоева, Маънавият ва маърифат маркази туман бўлими раҳбари:- 1980 йили 1 синфга туманидаги 29-умумий ўрта таълим мактабига борганман. Синфда 25 ўқувчи бор эдик. Бизни Бирофила Солиева қабул қилиб олган. Устозимиз менда аввалига жаҳлдордек таассурот қолдирган бўлса-да, дарслар давомида у кишининг меҳрибон инсон эканига амин бўлдим. Ўтилган дарсларни ўзлаштиришда ортда қолаётган ўқувчиларга алоҳида вақт ажратарди. Хуллас, ҳеч ким эътибордан четда қолмасди. Касбга садоқат шу бўлса керак.  Биринчи ўқитувчимизнинг алоҳида хислати шундаки, у киши ўқувчидаги яширин қобилиятни тезда пайқай олган ва ушбу қобилиятни юзага чиқаришга тинмай ҳаракат қилган. Яъни, ўқувчининг истак-хоҳишларига қанот бағишлаган. Устозимизнинг астойдил меҳнати самараси ўлароқ жамиятга фойдаси тегадиган кўплаб инсонлар етишиб чиқди. Шу сабабли биринчи ўқитувчимизни доим эъзозлаймиз, уларга ҳурмат изҳор қиламиз.

Муқаддасхон БЕКМИРЗАЕВА, туман ҳокими ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи: Биринчи устозим Шарофиддин Мамадалевни ўз касбининг ҳақиқий фидойиси, деб била ман. Бизга нисбатан қаттиққўл бўлган, билим олишимиз учун астойдил жон куйдирган. Ҳар гал синфга барвақт келиб олар, дарсга алоҳида тайёрланарди. Агар алифбонинг бирор ҳарфини ёдлолмасак ёки тўғри ёзолмасак, бунинг уддасидан чиқмагунимизча, яхшилаб ўзлаштирмагунимизча қўймасди. Ўзлаштириши қийин болаларга аълочиларни бириктирарди. Ҳаётда доим биринчи бўлишга интилиш, ўз олдига катта мақсадлар қўйиб яшаш кераклигини уқтирган. Интизомни, ҳар бир ишни ўз вақтида бажариш кераклигини у кишидан ўрганганман, десам хато бўлмайди.

Козимжон ТЎХТАСИНОВ, ёзиб олди.



<< Iyul 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031    

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 190 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

Матнда хотолик бўлса

Сичқонча билан белгилаб