ИҚТИСОДИЙ СУДЛАРДА СОДДАЛАШТИРИЛГАН ТАРТИБДА ИШ ЮРИТИШ

 2022-09-10 06:19:42    317

PDF юклаш
Чоп этиш



САВОЛ: Қандай ишлар иқтисодий судларда соддалаштирилган иш  
   юритиш тартибида кўриб чиқилади?

ЖАВОБ:

 

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг
2032-моддасига асосан: агар даъвонинг баҳоси юридик шахсларга нисбатан — базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан (6 000 000 сўм), якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан эса — беш бараваридан (1 500 000 сўм) ошмаса, даъво аризалари бўйича ишлар соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилади.

Бунда даъво аризаси Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 149-моддасида назарда тутилган талабларга мувофиқ бўлиши керак ва даъво аризасига Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 151-моддасида назарда тутилган ҳужжатлар илова қилинади.

Даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш тўғрисида суд ажрим чиқаради, ажримда иш соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўрилишини ҳамда иш кўриб чиқиладиган санани кўрсатади.

Жавобгар даъво аризаси юзасидан ёзма фикрини даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш ҳақида ажрим чиқарилган кундан эътиборан ўн беш кунлик муддатда судга ўзи асосланаётган ҳужжатлар
ва далилларни илова қилган ҳолда тақдим этишга ҳақли. Ёзма фикрга унинг кўчирма нусхаси даъвогарга юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжат илова қилинади.

Даъво аризаси юзасидан ёзма фикр жавобгар ёки унинг вакили томонидан имзоланади. Вакил томонидан имзоланган ёзма фикрга ишончнома илова қилинади.

Соддалаштирилган иш юритиш тартибидаги иш даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш ҳақида ажрим чиқарилган кундан эътиборан йигирма кундан ошмаган муддатда даъво аризаси юзасидан ёзма фикрни, далилларни ҳамда бошқа ҳужжатларни тақдим этиш учун белгиланган муддат ўтганидан кейин судья томонидан якка тартибда кўриб чиқилади.

Ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиш муддати узайтирилмайди.

Суд соддалаштирилган иш юритиш тартибидаги ишни суд муҳокамасини ўтказмасдан, тарафларни чақиртирмасдан ва уларнинг тушунтиришларини эшитмасдан кўриб чиқади.

Суд тарафлар томонидан тақдим этилган ҳужжатларда баён қилинган тушунтиришларни, эътирозларни ва (ёки) важларни текширади, далиллар билан танишади, ашёвий далилларни кўздан кечиради ва ҳал қилув қарорини қабул қилади.

Корпоратив низолар бўйича ишлар, ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги ишлар соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилмайди.

Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган иш бўйича ҳал қилув қарори, агар апелляция шикояти (протести) берилмаган бўлса, қабул қилинганидан кейин ўн кун ўтгач қонуний кучга киради. Апелляция шикояти (протести) берилган тақдирда ҳал қилув қарори, агар у бекор қилинмаган бўлса, апелляция инстанцияси судининг қарори қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.

Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган иш бўйича ҳал қилув қарори суд томонидан бериладиган ижро варақаси асосида мажбурий ижро этилиши лозим.

 

МЎМИНЖОН УМАРОВ,

Фарғона вилоят судининг
иқтисодий ишлар бўйича судьяси



<< Dekabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
      1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
3031     

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 147 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

Матнда хотолик бўлса

Сичқонча билан белгилаб