Хурсандчилик ҳозирдан ўқитувчиларни ҳам, ўқувчиларни ҳам чуқур ҳаяжонга солмоқда
2022-08-19 05:43:32 310
Мактабимиз ташкил топганига салкам 42 йил бўлди. Бу даврда муассаса жуда кўп воқеаларга гувоҳ бўлди. Минглаб ўқувчиларни қалдирғоч сифатида катта ҳаётга учирма қилди. Улар нафақат республикамизнинг турли бурчаклари, балки хорижда ҳам ўз устозларининг ишончини оқлаб меҳнат қилмоқдалар.
Мактабимиз ўқувчилари бир неча йиллардан буён билимлар беллашуви, Фан олимпиадаси, Республика ва халқаро миқёсдаги спорт мусобақалари, беш ташаббус танловларида совринли ўринларни эгаллаб келмоқдалар.
Бу ютуқлар мактабимиз директори М. Исматова, ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Ш. Миразизова томонидан таълим жараёнини тўғри режалаштирилгани ҳамда ташкил этилгани, қолаверса, тажрибали устозларнинг фидокорона меҳнати маҳсулидир. Улар давлат таълим стандартида белгиланган устувор мақсадларни кўзлаган ҳолда “Дарс — муқаддас” шиори остида янги педагогик технологиялар, инновациялардан самарали фойдаланган ҳолда сабоқ бериб келмоқдалар.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 12-13 май кунлари Фарғона вилоятига ташрифлари давомида берилган топшириқларига асосан бизнинг мактаб ҳам бир неча ўн йилликдан сўнг капитал таъмир дастурига киритилди ва янги қиёфа касб этди.
2022-2023 ўқув йилини илмсевар болажонларимиз ана шу замонавий услубда таъмирдан чиққан ҳамда илғор ускуналар билан жиҳозланган мактабда бошлайди. Таътил даври бўлишига қарамай, бу хурсандчилик ҳозирдан ўқитувчиларни ҳам, ўқувчиларни ҳам чуқур ҳаяжонга солган. Шу куннинг келишини интиқлик билан кутмоқдалар.
Бундай шароитда бекаму кўст иш бошлаш биз, устозларга ҳам катта масъулият юклайди, эришган ютуқларимизни янада кўпайтиришга ундайди.
Ахир, замон талабига мос хоналарида, барча анжомлар билан таъминланган спорт залда, барча зарур адабиётлар билан бойитилган кутубхонада фаолият олиб бориш, изланиш, янги таъмирдан чиққан фаоллар залида 5 муҳим ташаббуснинг биринчи бўғинида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида ижод қилиш кимга завқ бағишламайди, дейсиз!!!
Маҳбубахон МАХСУДОВА,
26- умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси
Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси