РИШТОНДАГИ ЯПОН МАКТАБИНИНГ ШУҲРАТИ

×

 2022-08-18 06:21:00    303

PDF юклаш
Чоп этиш


ЎЗБЕКИСТОН ВА ЖАҲОН

 Риштонда “Риштон-Япония” маданий иқтисодий алоқалар маркази қошида ташкил этилган япон тилини ўқитиш мактаби 19 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда.

Мактабда вилоятимизнинг Риштон, Олтиариқ, Бағдод туманлари, шунингдек Андижон, Наманган ва Қашқадарё вилоятларидан келиб ўқиган 160 нафардан зиёд йигит-қизлар Япониянинг кўплаб олий ўқув юртларида таълим олиб, айни кунларда мутахассис сифатида ўша ердаги йирик фирма ва компанияларда ишлаётган бўлишса, кўпчилиги билим ва малакаларини оширмоқда. Қувонарлиси, тақдир тақозоси билан мактабнинг 2 нафар собиқ ўқувчиси япон йигитига турмушга чиққан бўлса, 2 нафар йигит япон қизига уйланиб, оила қуришган ва айни пайтда уларнинг шириндан-шакар фарзандлари бор.

 Бугунги кунда мактабда 6 та гуруҳда 50 нафардан зиёд йигит-қизлар япон тилини ўрганишяпти. Мактабнинг яна бир эътиборли томони шундаки, бу ерда ёшларга нафақат япон тили, маданияти, балки тарихи ҳам ўргатилади. Японлар қайсидир маънода бизнинг халқимизга ўхшаб кетади. Уларнинг турмуши,  тутумлари, оиладаги саранжом-саришталик, ота-онани ҳурмат қилиш, ўзаро муомала маданияти - ҳаммаси ўхшаш. Мактабда қатъий ўқитиш режаси йўқ. Лекин япон тилини ўрганишга қизиқувчи ёшлар келиб, кўпроқ ўзаро ва ёки ўқитувчи билан эркин мулоқотда бўлишади.

Марказ ташкил топганидан буён ўтган вақт ичида икки давлат ўртасидаги дўстлик ва маданий алоқалар ривожлантириб бориляпти. Натижада кейинги йилларда мингдан ортиқ кунчиқар мамлакат фуқаролари ушбу марказ ҳамда япон тилини ўқитиш мактаби билан танишиш мақсадида ташриф буюришди. Шу билан бирга сайёҳлар туманда ижод қилаётган уста кулоллар томонидан ишлаб чиқарилаётган, санъат даражасидаги маҳсулотлар ва яратилиш жараёнларини бевосита кузатиш имкониятига ҳам эга бўлдилар. Эътиборлиси, сайёҳларнинг кулолчилик маҳсулотларини харид қилишлари баробарида бундай ҳолатларни мамлакатимизда туризмни ривожлантириш сари қилинаётган саъйи ҳаракатларнинг натижаси, дейиш мумкин.

Мактабда япониялик ўқитувчилар ёшларга япон тилини беғараз ўргатишади. Иқтидорли ва билимли ёшлар бу имкониятлардан унумли фойдаланиб, қатор ютуқларни қўлга киритиб, Республикамиз довруғини дунёга ёймоқдалар. Ана шундай фидойиликларнинг бошида турган марказ раҳбари Ғанишер Назировнинг меҳнати юксак қадрланиб, давлатимиз томонидан эътироф этилиб, “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.

Шу йилнинг июнь ойида Ғанишер Назиров Японияда ўтказилган икки мамлакат ўртасида дўстлик ва маданий-маърифий алоқаларни ривожлантиришга бағишланган Халқаро форумда қатнашди. Эътиборлиси, ўша ерда давлат расмийлари билан қилинган мулоқотлар давомида Япониядаги тинчлик ва соғлиқни тарғиб қилувчи PHD Халқаро ташкилот раҳбарлари билан ҳам танишиб, мулоқот олиб борди. Ушбу мулоқотлар жараёнида мезбонлар Риштондаги “Риштон-Япония” маданий иқтисодий алоқалар маркази ҳамда унинг қошида фаолият юритиб келаётган япон тилини ўқитиш мактабига қизиқиш билдирдилар ва батафсил маълумотларга эга бўлишди. Шундан сўнг ушбу Халқаро ташкилот вакиллари Ўзбекистонга, айнан Риштонга келиб марказ фаолияти билан танишиш ва мактаб ўқувчилари, уларнинг ота-оналарини бепул тиббий кўрикдан ўтказишни билдиришган эди.

Яқинда ана шу аҳдлашувга кўра, ташкилотнинг умумий касалликлар бўйича тажрибали шифокори Akio Kitano бошлиқ олти кишидан иборат бир гуруҳ мутахассислар Риштонга келишди. Мазкур ташкилот дунёда қийналаётган ёки энди ташкил этилган давлатларга беғараз ёрдам беради. Инсонларни тиббий кўрикдан ўтказиб, аниқланган касалликлар бўйича текинга дори-дармонлар билан таъминлайди.

Япониялик шифокорлар бир ҳафта давомида Риштонда бўлишиб, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналарини тиббиётнинг энг сўнгги аппаратуралари ёрдамида бепул тиббий кўрикдан ўтказиб, керакли муолажаларни амалга оширишади, дори-дармонлар билан таъминлайди ёки муолажага тавсия берадилар. 

Маълумот ўрнида: Япониялик тиббиёт мутахассисларининг йўл харажатлари, озиқ-овқат ва бошқа масалалари, шунингдек, таржимонларга ҳақ тўлаш Япония ҳукумати томонидан амалга оширилади.

                   Зайлобиддин ЙИГИТАЛИЕВ.

 

Суратда: япониялик шифокор Akio Kitano фуқарони тиббий кўрикдан ўтказяпти.

                                                                                                         Муаллиф олган сурат.



<< Iyul 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031    

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 378 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

Матнда хотолик бўлса

Сичқонча билан белгилаб