Риштонда кулолчилик маҳсулотлари саноат зонаси иш бошлади: умумий лойиҳа қиймати 75,8 миллиард сўм бўлган 37 та корхонада 7200 дан зиёд иш ўрни яратилди

×

 2022-05-19 05:23:38    358

PDF юклаш
Чоп этиш


Риштон тумани Навоий маҳалласида жойлашган собиқ “Бадиий кулолчилик заводи” негизида ташкил этилган Кулолчилик маҳсулотлари саноат зонаси тантанали тадбир билан иш бошлади. 
Тадбирда иштирок этган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Давлатимиз раҳбарининг алоҳида эътиборлари туфайли азалдан ҳунармандлар юрти бўлган Риштонда кулолчилик жадал ривожланишга юз тутганини қайд этиб, Президентимизнинг ўтган ҳафта вилоятимизга ташрифидан сўнг туманга соҳа ривожи учун яна 100 миллиард сўм қўшимча маблағ ажратилишига қарор қилинганини маълум қилди.
Жорий йил февраль ойида вилоят ҳокимининг Риштон туманидаги ўрганишлари жараёнида ҳудудда кулолчиликни янада ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинган эди.
Ўтган давр мобайнида вилоят маҳаллий бюджети ҳисобидан саноат зонасининг ички йўллари тўлиқ асфальтланди, бундан ташқари собиқ завод ҳудудида ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, янги иш ўринларини яратиш мақсадида 3,3 млрд. сўм маблағ ажратилиб табиий газ тармоғи, 340 млн. сўм маблағ йўналтирилиб, электр тармоқлари тортилди.
Ихтисослашган саноат зонасида умумий лойиҳа қиймати 75,8 миллиард сўм бўлган 37 та чинни ва керамика буюмлари ишлаб чиқариш ва безак бериш корхонаси ташкил этилди, 7200 дан зиёд иш ўрни яратилди.
Тадбиркор Муҳайё Сатторова томонидан ташкил этилган “MM Porcelain” МЧЖ шаклида оилавий корхонаси қошидаги чинни маҳсулотларига безак бериш цехида бугунги кунда 100 дан ортиқ хотин-қизлар доимий иш билан таъминланган. Шунингдек, 300 та хонадондан 700 нафардан ортиқ ишсиз маҳалла аёллари ҳам касаначилик асосида ишга жалб этиб келинмоқда. Корхона томонидан бу йил 1 миллион долларлик чинни буюмлари экспорти амалга оширилиши режалаштирилган.
Шокиржон Аҳмаджонов раҳбарлик қилаётган “Мингбоши Керамик” оилавий корхонаси томонидан қиймати 10,0 млрд. сўм бўлган инвестиция лойиҳаси асосида йирик кулолчилик кооперацияси ташкил этилган бўлиб, корхонада 100 нафар доимий иш ўринлари билан биргаликда 3000 нафардан ортиқ касаначилик йўналишида ўзини-ўзи банд қилиш орқали янги иш ўринлари яратилган. Корхона томонидан жорий йилда Россиянинг Екатеринбург шаҳрига маҳсулотларни етказиб бериш бўйича 5 млн. долларлик экспорт шартномаси имзоланган.
Ҳозирда бундай ихтисослашган саноат зоналари туманнинг Тўда, Даҳбед, Деҳқонобод ва бошқа маҳаллаларида ҳам ташкил этилмоқда.
Ноёб сополлари ва кошинлик санъати билан дунёга машҳур Италиянинг Дерута ҳамда Туркиянинг Изник шаҳарлари билан Риштон тумани ўртасида жорий йилда халқаро ҳамкорлик алоқалари ҳам ўрнатилди.


<< Dekabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
      1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
3031     

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 37 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

Матнда хотолик бўлса

Сичқонча билан белгилаб