Халқимизнинг ризқ-насибаси улуғ бўлади
2022-05-18 14:05:34 380
Ота-боболаримиз дуога қўл очганда, ҳамиша омборларимиз донга тўлиши учун эзгу ният қилиши бежиз эмас. Боиси хирмони, омборлари донга тўла халқнинг бугунги куни фаровон, эртанги кундан кўнгли хотиржам бўлади.
Шу йилнинг 11 май куни Президентимиз раислигида ғаллачиликдаги ислоҳотларнинг муҳим босқичига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда давлатимиз раҳбари барча зарур ташкилий ишлар ҳал қилинган ҳолда, 1 июндан бошлаб ғаллани давлат томонидан сотиб олиш ва сотишда бозор нархларига ўтилишини маълум қилди.
Бу жуда ҳам қувонарли янгилик. Чунки кейинги йилларда буғдойнинг давлат харид нархи арзон, етиштириш харажатларига унчалик тўғри келмас эди. Минерал ўғит, техника харажатлари қиммат, устига устак фермер етиштирилган ҳосилни бозор нархидан арзон сотиш орқали кўзланган даромадга эга бўлолмай қийналарди. Ниҳоят, фермернинг елкасига офтоб тегди – у бундан буён ўз меҳнати самарасидан баҳраманд бўладиган бўлди.
Президентимиз раҳбарлигида 17 май куни ўтказилган товар-хом ашё биржасида савдоларни кўпайтириш, маҳаллий корхоналар иштирокини кенгайтириш бўйича йиғилишда яна бир қатор ташаббуслар илгари сурилди.
Янги тизимга кўра, туман ҳокими ғалла етиштирувчи фермер ва кластерлар кесимида буғдойни биржага олиб чиқиш ойма-ой режасини ишлаб чиқади. Туман ҳокими ва Савдо-саноат палатасининг туман бўлими ушбу фермер ва кластерларни биржада рўйхатдан ўтказишни ташкиллаштиради. Тадбиркорга қулай бўлиши учун Савдо-саноат палатаси туман бўлимида биржа савдо майдончаси ташкил этилади. Савдо майдончасида тадбиркор, фермер ва кластерларга биржа ҳужжатларини расмийлаштиришга кўмаклашилади. Биржа савдоларида иштирок этишга ўқитиш ишлари ташкил этилиб, тадбиркор, фермерлар учун содда ва лўнда услуб ишлаб чиқилади.
Айни пайтда 4780 гектар ерда 151 та фермер хўжалиги билан ҳамкорликда етиштирилган ғаллани йиғиб олиш учун 13 та юқори унумли комбайнлар мавсумга тўлиқ шай ҳолатга келтириб қўйилди. Кейинги йилларда илм-фан ютуқлари, инновациялар кенг жорий этилиб, фермерларимиз ғалланинг ҳар гектаридан 80, 100 центнердан ҳосил олишмоқда. Хориждан серҳосил ғалла навлари олиб келиш ва маҳаллийлаштириш орқали бу йил 2 минг гектар ерда, яқин йилларда тўлиқ навларни янгилашни мақсад қилганмиз. Бунинг учун юртимиздаги нуфузли илмий-амалий марказлар билан фаол ҳамкорликда ишлаяпмиз. Натижада ҳосилдорлик сифати ва салмоғи янада ошишига эришилади.
Давлатимиз раҳбарининг яқинда Фарғона вилоятига амалга оширган ташрифи чоғида Олтиариқ туманида қишлоқ хўжалиги ходимлари, кластерлар раҳбарлари билан суҳбатлашди. Бундай эътибор ва рағбат учун фарғоналик барча фермерлар, ғаллачилик калстерлари раҳбарлари номидан Юртбошимизга миннатдорчилик билдирдим.
Учрашувда йиллик қуввати 20 минг тонна бўлган ун заводини икки ойда ишга туширишга ваъда бердим. Ҳозирги кунда қурилиш-пардозлаш ишларини жадал давом этяпти. Яқинда Туркияга бориб, энг сўнгги русумдаги технологияларни олиб келиб ўрнатиш бўйича шартнома имзолаб келдим. Ун заводи ишга тушса, риштонлик 40 нафар ёшлар доимий иш ўрнига бўлади.
Меҳнатинг қадр топса, имконият ва имтиёзлар туфайли фаолиятинг тобора ривожланиб бораверса, инсон янги-янги ғоялар билан яшайверади. Демак, биз халқимизнинг ризқ-насибаси улуғ бўлиши учун хизматда астойдил камарбастамиз.
Исомиддин ЎРИНБОЕВ,
Фарғона вилоятининг Риштон туманидаги
“Қаҳрамон” ғаллачилик кластери раҳбари.
Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси