Иқтисодий ишлар бўйича суд харажатлари
2021-12-24 17:08:18 1114
Ўзбекистон Республикасида иқтисодий судларда тарафлар судга даъво ариза (ариза, шикоят) берганда, қайси турдаги ишлар бўйича давлат божи тўланиши ва қанча миқдорда тўланишини билмаслик, судга мурожаат қилишда, тарафларнинг судга бир неча бор қайтадан мурожаат қилишдек, оворагарчилигига сабаб бўлиши мумкин.
Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг «Давлат божи тўғрисида»ги Қонуни 3-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, давлат божи деганда, юридик аҳамиятга молик ҳаракатларни амалга оширганлик ва (ёки) бундай ҳаракатлар учун ваколатли муассасалар ва (ёки) мансабдор шахслар томонидан ҳужжатлар берганлик учун ундириладиган мажбурий тўлов тушунилади.
Иқтисодий ишлар бўйича давлат божи қуйидагилардан ундирилади:
1) судларга бериладиган даъво аризаларидан;
2) ташкилотларни ва фуқароларни банкрот деб топиш тўғрисидаги аризалардан;
3) низо предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилувчи учинчи шахс сифатида ишга киришиш ҳақидаги аризалардан;
4) иқтисодиёт соҳасида юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқлари юзага келиши, ўзгариши ёки бекор бўлиши учун аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги аризалардан;
5) ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорлари юзасидан низолашиш ҳақидаги аризалардан;
6) ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги аризалардан;
7) чет давлат судининг (арбитражининг) ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш ҳақидаги аризалардан;
8) апелляция, кассация ва назорат шикоятларидан:
а) иқтисодий судларнинг ҳал қилув қарорлари устидан;
б) иш юритишни тугатиш тўғрисидаги, даъвони кўрмасдан қолдириш тўғрисидаги, суд жарималарини солиш тўғрисидаги ажримлар устидан;
в) ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорлари юзасидан низолашиш тўғрисидаги ажримлар устидан;
г) ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш ҳақидаги ажримлар устидан;
д) чет давлат судининг (арбитражининг) ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги ажримлар устидан;
9) суд ҳужжатларининг дубликатларини ва кўчирма нусхаларини берганлик учун.
Шунингдек, давлат божи даъво миқдорини кўпайтириш ва суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризалардан ҳам ундирилади.
Тўланиши лозим бўлган давлат божи миқдори даъвогар (аризачи) судга мурожаат қилаётган талабининг турига қараб қонун ҳужжатларида белгиланган ставкалар бўйича аниқланади. Хусусан, қонунчиликка юиноан тарафлар ўрасидаги низо мол-мулкни ундириш, моддий қиматликларни ундириш ҳақида бўлса, ушбу низодаги мулкнинг ёки модиий қийматлик умумий суммасининг 2 фоизи миқдорида, агарда низо номулкий тусдаги бўлса, масалан, шартномани бекор қилиш ёки уни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги бўлса, даъвонинг ҳар бир талаби учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида судга даъво ариза киритишда давлат божи тўланиши лозим.
Бир нечта мустақил талаблардан иборат бўлган даъво аризаларидан (аризалардан) давлат божи ҳар бир талаб бўйича, ушбу талаб учун белгиланган тегишли ставкалар бўйича алоҳида ундирилади.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 139-моддасига кўра, суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза учун судга даъво билан умумий тартибда мурожаат қилганда низолашилаётган сумма асосида ҳисоблаб чиқилган ставканинг эллик фоизи миқдорида давлат божи тўланади.
Суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза бўйича тўланадиган (ундириладиган) давлат божи миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизидан кам бўлмаслиги лозим, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилган ҳолда эса, тўланадиган давлат божининг миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 фоизидан кам бўлмаслиги керак.
А. Ҳакимов,
Риштон туманлараро иқтисодий суди судья ёрдамчиси.
Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси