Судьялар олий кенгаши таркибига қандай ўзгартиришлар киритилди!
2021-11-01 14:30:58 486
“Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида 2021 йил 20 сентябрь куни ЎРҚ-717-сонли Қонун қабул қилинди.
Мазкур қонун билан қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди: биринчидан, Судьялар олий кенгаши (кейинги ўринларда - Кенгаш) таркибидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар чиқариб ташланди. Кенгаш раисининг ўринбосари Президент томонидан тайинланади ҳамда ўз фаолиятини жамоатчилик асосида (илгари – доимий асосда) амалга оширади.
Иккинчидан, Кенгашнинг асосий вазифалари кенгайтирилди, улар жумласига қуйидагилар ҳам киритилди:
судьялар орасида коррупция ҳолатларининг олдини олиш ва уларни барвақт аниқлаш бўйича чора-тадбирлар кўриш;
суд тизимида аниқланган ҳар бир коррупция ҳолатини кўриб чиқиш ва принципиал баҳолаш;
Кенгашнинг ҳамда суд тизимининг фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар кўриш;
раҳбар судьялик лавозимларига кўрсатиш учун муносиб судья кадрларни танлаб олиш, шунингдек уларни рағбатлантириш ва мукофотлаш масаласи юзасидан ташаббус кўрсатиш.
Учинчидан, Кенгашнинг ваколатлари кенгайтирилди, улар жумласига қуйидагилар ҳам киритилди:
а) вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг раислари ва раис ўринбосарлари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари раислари ва раис ўринбосарлари, шунингдек Ҳарбий суд раиси ва раис ўринбосарлари лавозимларига тавсия этиладиган номзодлар бўйича Президентга тақдимномалар киритади;
б) қуйидагиларни лавозимга тайинлайди:
туманлараро, туман, шаҳар судларининг раис ўринбосарларини;
вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари судьяларини;
туманлараро маъмурий судларнинг раисларини, уларнинг ўринбосарлари ва судьяларини;
ҳудудий ҳарбий судларнинг раисларини;
в) Судьялар олий малака ҳайъатининг хулосасига кўра судьяларни уларнинг ваколатлари муддати даврида ўз аризаларига асосан:
вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг судьялари;
туманлараро, туман, шаҳар судларининг раислари, раис ўринбосарлари;
вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари судьяларини;
туманлараро маъмурий судларнинг раисларини, уларнинг ўринбосарлари ва судьялари;
Ҳарбий суднинг судьялари, ҳудудий ҳарбий судларнинг раислари лавозимларига ўтказади;
г) судьялар фаолиятини очиқ ва шаффоф электрон рейтинг дастури асосида баҳолаш мезонларини аниқлаш бўйича чора-тадбирлар кўради ва ҳ.к.
Тўртинчидан, Кенгаш раисининг ваколатлари белгиланди. У бошқа вазифалари қаторида:
суд ҳокимияти мустақиллигини, судьялар дахлсизлигини таъминлашга ва одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қилаётган омиллар ҳақида, шунингдек суд тизимида коррупцияга қарши курашишнинг ҳолати тўғрисида Президентга йил якунлари бўйича ахборот тақдим этади;
жисмоний шахсларни, юридик шахсларнинг вакилларини шахсан қабул қилади.
Бешинчидан, Кенгаш раиси ўринбосари ваколатлари ўзгартирилди, у:
Судьялар дахлсизлигини таъминлаш ва коррупциянинг олдини олиш бўйича суд инспекциясининг фаолиятига раҳбарликни амалга оширади, унинг фаолияти самарадорлигини таъминлаш учун жавобгар бўлади;
ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишга, шунингдек ахборот хавфсизлигини таъминлашга доир ишларни ташкил этади;
жисмоний шахсларни, юридик шахсларнинг вакилларини шахсан қабул қилади.
Олтинчидан, Кенгаш аъзосига электрон рейтинг дастури орқали судьялар фаолияти самарадорлигини мониторинг қилиш ҳуқуқи берилади.
Еттинчидан, Кенгаш аъзоларининг мажбуриятлари тўлдирилди. Энди Кенгаш аъзоси:
суд ҳокимиятининг мустақиллик принципи асосида одил судловни амалга оширишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва рўёбга чиқаришда иштирок этиши;
судьялик лавозимига номзодларни холис ўрганиши;
судьялар орасида коррупциявий ҳолатларнинг оқибатлари ва сабабларини, шунингдек уларнинг одил судловни амалга ошириш бўйича фаолиятига аралашиш ҳолатларининг олдини олишга, уларни аниқлашга, чек қўйишга, уларни бартараф этишга доир чора-тадбирларни амалга оширишда иштирок этиши ҳамда бу ҳаракатлар тўғрисида Кенгашга хабар бериши шарт.
Риштон туманлараро иқтисодий
судининг раиси У.Эргашев
Риштон туманлараро иқтисодий
судининг девонхона мудири Д.Абдурасулов
Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси