РИШТОН ТУМАН ҲОКИМИ СУФҲОНЖОН СОЛИЕВНИНГ ҚУРБОН ҲАЙИТИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ТУМАН АҲОЛИСИГА ЙЎЛЛАГАН БАЙРАМ ТАБРИГИ

 2021-07-20 07:04:23    583

PDF yuklash
Chop etish


Қадрли ватандошлар, азиз Риштонликлар!

Бутун ислом олами қаторида дину диёнатли, эътиқоди мустаҳкам халқимиз катта интиқлик билан кутиб олаётган муборак Қурбон ҳайити билан сиз азизларни, юртимиздаги барча мусулмон умматини чин қалбимдан самимий табриклайман.

Кўҳна тарихимиз давомида юртимизнинг маънавий ҳаётида беқиёс ўрин эгаллаб, жамиятимизда ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва бағрикенглик тамойилларини ҳар томонлама барқарор этиб келаётган бу қутлуғ байрам барчамизга муборак бўлсин!

Ушбу муқаддас айёмда сизларга, бутун эл-юртимизга сиҳат-саломатлик, тинчлик-хотиржамлик, бахту саодат тилайман.

Дунё давлатлари қатори мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмаган оғир синов – коронавирус пандемияси шароитида биз Қурбон ҳайитининг жамиятимиз ҳаётидаги беқиёс ўрни ва улкан аҳамиятини янада чуқур ҳис этмоқдамиз.

Айниқса, бу қутлуғ байрамнинг моҳиятида мужассам бўлган эзгу ва савоб ишлар қилиб яшаш, ўзаро ёрдам, меҳр-саховат, сабру қаноат, шукроналик, тинчлик ва соғликни қадрлашдек улуғ фазилатлар бугун алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Шу маънода, айнан мана шундай муқаддас қадриятларимиз бугунги мураккаб вазиятда эл-юртимизга қўшимча куч-ғайрат, чидам ва бардош ато этмоқда, десак, тўғри бўлади.

Албатта, пандемия туфайли оммавий тадбирларни, жумладан, Қурбон ҳайити билан боғлиқ маросимларни жамоат бўлиб адо этишда айрим чекловлар вужудга келганини мавжуд вазият тақозоси сифатида барчамиз яхши тушунамиз.

Муқаддас Қуръони каримнинг бир неча ўринларида хайр-эҳсон, эзгуликнинг мукофоти фақат яхшилик экани алоҳида таъкидланган. Бу каби пурмаъно ҳикматлар бугунги синовли кунларда жамиятимизда меҳр-оқибат, саховат ва мурувват, ўзаро тотувлик, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик муҳитининг тобора юксалиб боришида акс этмоқда.

Дарҳақиқат, ушбу оғир синов дамларида Aллоҳ таолонинг ўзи эзгу ва савоб амаллар учун янги имконият эшикларини очиб бермоқда. Хусусан, ижтимоий ҳимояга муҳтож, оиласида ногирони бўлган   эҳтиёжманд  оилалар ҳамда  ёрдамга муҳтож инсонларга кўмак беришни юртдошларимиз ўзларининг инсоний бурчи, деб қабул қилаётгани таҳсинга лойиқдир. Зеро, муқаддас ҳадисларда келтирилганидек, “ҳақиқий мусулмон ўзига раво кўрганини биродарига ҳам раво кўради”. Айниқса, ҳалол меҳнати орқасидан жамғарган маблағини қариндош-уруғлари, маҳалладоши ёки юртдошининг оғирини енгил қилиш учун холис ният билан ҳадя этган, меҳр-оқибатли, инсоф-диёнатли ва жонкуяр инсонларга Яратганнинг ўзи ажру мукофотини беради, албатта.

Ана шундай олижаноб юртдошларимизнинг саъй-ҳаракатлари туфайли мамлакатимизда ташкил этилган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати бугунги кунда том маънода қудратли кучга айланди.

Ўтган қисқа вақт давомида ушбу Ҳаракат доирасида амалга оширилган улкан ҳажмдаги хайрия тадбирлари ва меҳр-мурувват амаллари ҳам шундан яққол далолат беради.

 

Азиз тумандошлар!

Ер юзига Аллоҳнинг раҳмати ёғилиб турган ушбу саодатли айёмда дунёнинг олис-яқин мамлакатларидаги барча мўмин-мусулмон биродарларимизни, хусусан, Риштон туман аҳолисини  Қурбон ҳайити билан яна бир бор чин қалбимдан муборакбод этаман.

Барча пок ниятларимиз ижобат бўлишини, Яратганнинг ўзи юртимизни турли бало-қазолардан асрашини, бирдамлик, дўстлик ва аҳиллик туйғуларимиз янада зиёда бўлишини сўраб қоламан.

Жонажон Ватанимиз, хонадонларимиздан тинчлик-осойишталик, файзу барака ҳеч қачон аримасин!

Эзгу интилиш ва ишларимизда Аллоҳ таоло ҳамиша мададкор бўлсин!

 

Суфҳонжон Солиев

РИШТОН ТУМАН ҲОКИМИ



<< Aprel 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930     

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 89 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Matnda xatolik ko'rdingizmi?

Sichqoncha bilan belgilab