ҲОРМАНГ ЭНДИ, ЗАФАР ҚУЧГАН ЗАРШУНОСЛАР

×

 2021-09-15 09:42:17    586

PDF yuklash
Chop etish


МАРРАГА ЕТГАН МАРДЛАРГА БАЛЛИ!

 

Бугун барчанинг нигоҳи далада. Сабаби оппоқ орзулар мавсуми бошланди. Чаноқлардан лўппи-лўппи ризқ-рўз, қут-барака мана-ман деб оқиб турибди. Бугун ахтарган кишингизни албатта, даладан топасиз. Ҳар қандай ҳазил-мутойибалар, шўх-шодон кулгуларнинг бари далага кўчган. Даладагиларнинг ўй-фикри эса бир – катта меҳнатлар эвазига етиштирилган пахта ҳосилини тез кунларда йиғиштириб олиш. 

Хушхабарнинг қаноти бор, дейишади. Буни  қарангки, туманда ёппасига пахта теримига эндигина тушилган бўлишига қарамай ҳозирданоқ ғалаба манзилига етиб келган мардлар эл аро овоза бўлмоқда. Йил давомида омилкорлик ва тадбиркорлик билан иш юритган, ғўза парваришини юксак агротехник талаблар даражасида олиб борган уста деҳқонлар шартномавий режаларини бажариб, юзлари ёруғ бўлиб, айни кунларда юксак мажбурият ҳисобига пахта териб топширмоқдалар.  Туман ҳокимлиги қошида ташкил этилган “Пахта штаби”дан олинган маълумотга қараганда яна 10 дан ортиқ фермерлар бугун-эрта режани бажариш учун терим суръатини тобора оширишмоқда.

Ҳар қандай инсонни рағбатлантириш яна кўплаб ютуқларни қўлга киритишга заминдир. Шу маънода қишлоқ хўжалик ходимлари касаба уюшмаси туман Кенгаши раиси Мўминжон Бобоев, туман “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши” раиси Ҳасанбой Деҳқонов ҳамда Кенгаш бош ҳисобчиси Очахон Неъматуллаевалар билан эрта-кунда ғалаба рапортига имзо чекиб, ғолиблар сафини бошлаб берган, Марказий Фарғона ерларида ҳам ҳалол ва фидоийлик билан қилинган меҳнат ўз самарасини бераётганини амалда исботлай олган фермер хўжаликлари сари йўл олдик. 

Йўлнинг икки четидаги бепоён далаларни оқ мавсумга қиёс қилгудек. Ҳар туп ғўзадаги ҳосил кишининг кўзини қувнатмоқда. Буни кўрган фермернинг эса кўнгли тўқ. Нариги фермер кеча режани бажарган бўлса, бугун-эрта унинг ён қўшниси ҳам қувончли кунлар остонасида турибди.

“Ёшлик” МТПга қарашли “Саҳоватли Абдумалик даласи” фермер хўжалигига Салимахон Ёдгорова раҳбарлик қилади. Ушбу фермер хўжалиги аъзолари туманда биринчи бўлиб пахта тайёрлаш йиллик шартномавий режани бажардилар. 31 гектар ердан 90 тонна сифатли пахта териб олинди.   

Хўжаликнинг Буханифа Турдалиева, Мафтуна Усмонова, Марғуба Йўлдошева, Майнахон Мирзаҳакимова каби аъзолари кунига 120 килограммдан ортиқ пахта теришиб, бошқаларга намуна бўлишди.  

-“Кластер” бизга жуда маъқул келди, - деди фермер хўжалиги иш бошқарувчиси Равшанжон Ёдгоров. – минерал ўғитдан, мавжуд техникаларимизга ёқилғи, зараркунандаларга қарши ишлов бериш масаласида деярли қийинчиликларга дуч келмадик. Гарчи ерларимиз туман марказидан анчайин олисда бўлишига қарамай агрономлар тез-тез келишиб, экин ривожи, ҳолатидан хабардор бўлиб туришди. Қолаверса жамоамизда темир интизом бор. Ҳар ким ўзига топширилган вазифани сидқидилдан ва сифатли бажаради. Яна бир гап – ғўза ҳам меҳрга муҳтож бўлади. Экин билан қўл учида эмас, балки юракдан чиқариб ишлаш керак.

“Япроқ илдизлари” фермер хўжалиги раҳбари Нилуфар Рустамова аёл киши бўлса ҳам ишни эркакчасига дўндириб қўйди. Жуда қисқа кунларда 26 гектар ердан 64 тонна юқори сифатли пахта йиғиштириб олиб, режани туманда биринчилардан бўлиб бажарди.

-Бу йил “С-8290” навли чигит қадаганмиз, - деди иш юритувчи Ахрор Тожалиев. – Парваришни агротехник талаблар асосида олиб бордик. Натижасини мана, кўриб турибсизлар. Ҳозирча ҳар гектар ердан чўл шароитида 24,2 центнердан пахта йиғиштириб олдик. Мақсадимиз умумий ҳосилдорликни 30 центнерданга етказиш. Бунинг учун далаларимизда ҳали ҳосил мўл.   

Фермер хўжалигининг Дилрабо Бозорова, Зарифа Тилаволдиева, Дилшода Йўлдошалиева, Гулбаҳор Бадалова сингари аъзолари кунига 120-130 килодан пахта териб, ғалаба кунини яқинлашишига катта ҳисса қўшишди.

Фермер хўжалигининг бу ютуғи замирида бошқа масала ҳам бор. Қишлоқ хўжалигига янги илғор инновация олиб кирилди. Ғўза қатор оралари бу йил томчилатиб суғорилди. Бу билан кўп нарса – сув, минерал ўғит, қўшимча культивацияларга кетадиган сарф-харажатлардан каттагина иқтисод қилинди. Чунки экинга бутун озуқа томчилатиб берилди. Мана – натижаси.

Иқболжон Раҳмонов “Дида АИД” фермер хўжалигини дадаси – уста пахтакор Аъзамжон акадан қабул қилиб олганига кўп бўлгани йўқ. Шундай бўлса ҳам дадасининг дуосини олиб, кўп йиллик тажрибасига суяниб иш юритиб, кам бўлмаяпти. Бу йил хўжалик аъзолари 31 гектар ерда деҳқончилик қилишди. Шундан 26 гектарида тажриба сифатида томчилатиб ва 5 гектарда оддий усулда ғўзаларни суғоришни йўлга қўйишди. Томчилатиб суғориш усулининг бироз оворагарчилигини ҳисобга олмаганда оддийидан афзаллигини фермер хўжалиги аъзолари амалда кўриб, унга ишонч ҳосил қилдилар ва янаги йили тўлиқ шу усулга ўтишни мақсад қилиб туришибди.

Бугунгача давлат омборларига 60 тоннадан ортиқ юқори сифатли пахта териб топширилди. Режадаги яна 8 тонна пахтани бугун-эрта териб, ғолиблар сафидан ўрин олишмоқчи жамоа аъзолари. Қолаверса ҳар гактар ердан чўл шароитида териб олинаётган пахта ҳосилдорлиги 22-23 центнерданга тўғри келаётгани барчани қувонтирмоқда.  

- Биз ҳам кеча маррага етиб келдик. – деди хурсандчилигини ичига сиғдира олмаётган “Тўда” МТПга қарашли “Авазбойлик Содиржон” фермер хўжалиги иш юритувчиси Акмал Аблакимов. – Бу йил 23 гектар ерда “С-8290” чигит навини экиб, парвариш қилдик. Рости, тиним билмадик. Бугун эса қилинган меҳнатимиз самарасини кўриб, хурсанд бўлиб турибмиз. Ҳар гектар ердан 28 центнердан ҳосил йиғиштириб олдик ёки умумий хирмонимиз 65 тоннадан ошди. Ҳосил чўғини чамалаб яна 15 тонна пахта териб олишни мақсад қилганмиз.

Хўжалик ютуғига аъзолардан Алижон Ботиров, Бобур Бозорбоев, Кўпайсин Абдулҳакимова, Моҳинисо Шералиева, Гулнора Раҳмоноваларнинг қўшган ҳиссалари катта.

“Истиқлол” МТПга қарашли Бувинса Шахобиддинова раҳбарлигидаги “Қодирбек жилваси” фермер хўжалиги йиллик шартномавий режани 7 иш кунида бажарди. 29 гектар ердан 56 тонна сифатли пахта териб олинди. Туманнинг Булоқбоши қишлоғи фермер хўжалигидан 40 километр олисда. Лекин  деҳқончилик касбига, ва айнан пахта етиштиришга меҳр қўйган фермер турмуш ўртоғи Нишонбой ака билан чўлдан дур ундиришмоқда.

Шу куни қайси фермер хўжалигида бўлмайлик, теримчиларга, фаолларга турли совғалар улашилди. Бундан эса уларнинг кўнгли тоғдай кўтарилди. Туманда пахта терими эса бугун кечагидан анча ортганини кунлик маълумот тасдиқлаб турибди. 

Зайлобиддин ЙИГИТАЛИЕВ,

“Rishton haqiqati” махсус мухбири.

 

“Rishton haqiqati” газетасидан олинди.



<< Aprel 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930     

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 144 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Matnda xatolik ko'rdingizmi?

Sichqoncha bilan belgilab