РИШТОНЛИК ЁШЛАР ЯПОНИЯДА ЎҚИШ УЧУН ГРАНТГА ЭГА БЎЛИШДИ

×

 2021-02-20 09:41:24    772

PDF yuklash
Chop etish


Ҳамкорлик уфқлари

РИШТОНЛИК ЁШЛАР ЯПОНИЯДА ЎҚИШ УЧУН ГРАНТГА ЭГА БЎЛИШДИ

Маълумки, 2019 йилда Риштон тумани ҳокими Суфҳонжон Солиев Япония мамлакатига қилган ташрифи чоғида Майдзуру шаҳри билан меморандум имзолаган эди. Ушбу ҳамкорлик ўз мевасини бера бошлади. Риштон-Япония маданий иқтисодий алоқалар марказида таҳсил олган уч нафар ёшлар – Иззатилло Исмоилов, Мирзараҳмат Тожибоев ва Шаҳзод Йигиталиевлар меморандум доирасида Майдзуру шаҳридаги политехника коллежига ўқишга қабул қилинди. “Кунчиқар юрт” вакиллари шартномага асосан Риштонлик ёшларнинг ҳар бирига 21 минг 500 доллар миқдорида (жами 64 минг 500 доллар) маблағни тўлаб беришади.

Бугунги кун Риштон тумани яна бир тарихий кун сифатида муҳрланиб қолди. Бугун Риштон-Япония маданий иқтисодий алоқалар марказида Майдзуру шаҳри мэри Рёзо Тамати ва Риштон тумани ҳокими Суфҳонжон Солиевлар иштирокида видеоконференция бўлиб ўтди. Мазкур молоқот жараёнида шунингдек, Риштон-Япония маданий иқтисодий алоқалар маркази директори Ғанишер Назиров, Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Муҳсинхўжа Абдураҳмонов, ўқишга қабул қилинган ёшлар ҳам  қатнашишди.

Конференцияда сўзга чиққан Майдзуру шаҳри мэри Рёзо Тамати ўзаро ҳамкорликдан мамнун эканлигини баён этди.

- Риштон тумани билан дўстлик ришталарини боғлаганимиздан беҳад хурсандмиз, - дейди Рёзо Тамати. – Ҳамкорликларимиз ўз мевасини бера бошлагани бизни қувонтирди. Майдзуру шаҳридаги энг нуфузли таълим даргоҳида ўқишга йўлланма олган йигитларимизни чин юракдан табриклайман. Уларнинг бу ерда бемалол таҳсил олиб малакали мутахассис бўлишлари учун барча шароитларни яратиб берамиз. Умуман олганда, сизлар билан ҳамкорликда қиладиган ишларимиз ҳали кўп.

Шундан кейин Риштон тумани ҳокими Суфҳонжон Солиев ҳам сўзга чиқиб, Японияликлар билан ҳамкорлик бизлар учун катта фойда келтиришини таъкидлаб ўтди.

- Аввало, 2019 йил декабрь ойида шаҳрингизга ташрифимиз давомида бизга кўрсатган самимий меҳмондўстлигингиз учун сизга ва сиз орқали бутун жамоангизга чуқур миннатдорчилигмни билдираман, деб сўз бошлади туман ҳокими. – Сизнинг Майдзуру шаҳрингиз ва Риштон тумани ўртасида имзоланган меморандум икки шаҳарнинг дўстона муносабатларига, ижтимоий ва иқтисодий соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантиришга, кадрлар тайёрлашга ва ўзаро кадрлаш алмашиниши учун асос бўлади деб ишонаман.

Риштон туманидаги Риштон-Япония маданий иқтисодий алоқалар маркази “Норрико Гаккию” тўгарак сифатида фаолият юритаётган бўлиб, 1998 йилдан то бугунги кунга қадар 3000 нафарга яқин ёшларга япониялик кўнгилли ўқитувчилар томонидан беминнат япон тили ва маданиятини ўргатиб келмоқда. Марказда таҳсил олган 160 нафардан ортиқ ёшлар Япониядаги олий ўқув ютрларига ўқишга қабул қилинган. Айни дамда ушбу марказнинг 100 нафар ортиқ тарбияланувчилари “Кунчиқар юрт”да турли соҳаларда фаолият юритиб келаётганини айтиб ўтиш жоиз.  Мана бугун ушбу марказ ўқувчилари - Иззатилло Исмоилов, Мирзараҳмат Тожибоев ва Шаҳзод Йигиталиевлар меморандум доирасида Майдзуру шаҳридаги политехника коллежига ўқишга қабул қилингани биз учун қувонарли ҳолат. Умид қиламанки, кейинги йилларда талабалар сони янада ошади. Келажакда барча соҳадаги алоқаларимиз янада мустаҳкамланишига умид қиламан ва ишонаман.

Сизга яна бир бор Риштон тумани халқи номидан чуқур миннатдорчилик билдираман ҳамда сизни Риштон туманига таклиф қиламан.

Бугунги конференцияда шунингдек, Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Муҳсинхўжа Абдураҳмонов ҳам сўзга чиқиб, ушбу ҳамкорлик бардавом бўлишини ва янги лойиҳаларни биргаликда амалга оширишни тилади.

Конференция якунида Майдзуру шаҳри мэри Рёзо Тамати ва Риштон тумани ҳокими Суфҳонжон Солиевнинг шартнома имзолаш маросими ўтказилди.

Аброр ДЕҲҚОНОВ.



<< Mart 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728293031

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 12 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Matnda xatolik ko'rdingizmi?

Sichqoncha bilan belgilab