ЮРТ РИВОЖИ ВА ХАЛҚ ФАРОВОНЛИГИ УСТУВОР МАҚСАДИМИЗ дейди туман ҳокими Суфҳонжон Солиев

×

 2020-03-12 04:45:34    866

PDF yuklash
Chop etish



Республикамиз Президенти олиб бораётган узоқни кўзловчи истиқболли сиёсатнинг таг замирида энг аввало, Ўзбекистонни дунёнинг энг ривожланган, илғор давлатлари қаторига қўшиш, халқаро майдондаги нуфузини янада ошириш, шунингдек, биринчи навбатда, халқимизнинг турмуш фаровонлигини юксалтириш ва уларнинг муносиб ҳаёт кечириши учун барча зарур шароитларни яратиб бериш орқали одамларни рози қилишдан иборатдир. Бу эса юртимизда барча соҳада олиб борилаётган ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишга ва ислоҳотларнинг ҳар томонлама таҳлилини олиб борган ҳолда самарадорлигини, мақсадлилигини таъминлашга хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 19 августдаги “2019-2021 йилларда Фарғона вилоятининг Риштон туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 712-сонли қарори Юртбошимизнинг бу борада айнан бизнинг туманга бераётган эътиборнинг яна бир ёрқин намунаси эканлиги билан аҳамиятлидир.

Мухбирларимизга туман Кенгаши депутати, туман ҳокими Суфҳонжон Мўйдинович Солиев ана шу масалалар ҳақида батафсил сўзлаб берди.

- Мазкур қарорга асосан туманимизда улкан ишлар амалга оширилади, - деди С. Солиев - Биргина 31 та ижтимоий соҳа объектларида 56,1 млрд.сўмлик қурилиш таъмирлаш ишлари бажарилади. Давлат умумтаълим ва нодавлат мактабларида, соғлиқни сақлаш муассасалари ва хусусий тиббиёт муассасалари учун янги бино-иншоотлар қуриш, шунингдек, 179 та объектда йўл-транспорт инфратузилмаси ва муҳандислик-коммуникацияларни қуриш, реконструкция қилиш ва модернизация қилиш, автомобил йўлларини таъмирлаш, жорий таъмирлаш ва реконструкция қилиш, электр энергияси ва газ таъминотини, ичимлик суви ва оқава сув таъминотини яхшилаш, ирригация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш, мелиоратив объектларни қуриш ва реконструкция қилиш ҳамда таъмирлаш, тиклаш, ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш, алоқа линиясини тортиш режалаштирилган ва бу борадаги ишлар жадаллик билан амалга оширилмоқда.

Бундан ташқари қарорга кўра, 2019-2021 йилларда 226,9 млрд. сўмлик 83 та лойиҳаларни амалга ошириш, 925 та янги иш ўринларини яратиш кўзда тутилган. Жумладан, саноат йўналишида 114,1 млрд сўмлик 25 та лойиҳа, хизмат кўрсатишда 43,3 млрд. сўмлик 33 та лойиҳа, қишлоқ хўжалигида 69,5 млрд. сўмлик 25 та лойиҳа амалга оширилади. Ижтимоий соҳа объектларини янгидан қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш бўйича манзилли рўйхатга кўра 31 та ижтимоий соҳа объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишларига 56,2 млрд. сўм маблағлар сарфланиши кўзда тутилган.

Қарорга асосан “Мадина” ХКТХК, “Риштон бино қурилиш” МЧЖ қурувчилари томонидан туманимизнинг Марказ ва Бешкапа ҳудудларида кўп қаватли  хонадонлар қурилиб, фойдаланишга топширилди. Айни дамда қурилиш ишлари жадаллик билан давом этмоқда.

Туман маркази ҳамда Олтиариқ туманининг Катпут қишлоғи билан чегарадош Қалайнавдан тортиб то Бағдод туманининг Конизар қишлоғига туташ Ғарибмасжидгача бўлган 17 км. масофадаги йўл кенгайиши билан боғлиқ бузилган турар ва нотурар бинолари учун 30 миллиард сўмдан ортиқ миқдорида компенсация пуллари давлат томонидан қоплаб берилди.  Тез орада Бош режага кўра туманда супермаркетлар, қатор савдо тармоқлари, маданий-маиший объектлар, спорт иншоотлари, кутубхоналар, мактабгача таълим ташкилотлари ва бошқа бино-иншоотлар барпо этилади.

Шу мақсадда туман ҳудудидан ўтган Қўқон-Фарғона катта трассасининг ҳар икки четида - биринчи қаватида савдо ва маиший хизмат кўрсатиш тармоқлари яратилмоқда. Замонавий, кўркам ва жаҳон андозалари талабларига тўла жавоб берадиган икки қаватли бинолар қад ростлаб, туман кўркига кўрк бағишламоқда.

- Аҳолининг турмуш фаровонлигини оширишда уларга қулайлик яратиб бериш бугунги кундаги энг долзарб вазифамиздир, - деб сўзини давом эттирди С.Солиев.- Шубҳасиз, ижтимоий соҳани ривожлантириш давлатнинг энг муҳим мақсадларидан.  Шу боис ҳам давлат дастурида мазкур соҳага алоҳида йўналиш бағишланганлигини таъкидлаш лозим. Булар жумласига янги иш ўринларини яратишни янада рағбатлантириш механизмларини жорий қилиш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш ва соҳани такомиллаштириш юзасидан кенг кўламли ишлар белгилаб олинганлигини кўриш мумкин.

Болаликдан ногиронлиги бўлган фарзандларнинг оналарини янада қўллаб–қувватлаш белгиланганлигининг ўзи қанчадан қанча оилаларга, айниқса, оналарга бахтиёрлик ва қувонч ҳиссини олиб келди десак, муболаға бўлмайди. Бу мамлакатда ислоҳотлар инсонпарварлик тамойили асосида олиб борилаётганлигининг яна бир яққол мисолдир. Буни якунига етган йилда 15 та ногиронлиги бўлган фуқароларга имтиёзли уйлар топширилганида кўришимиз мумкин.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан аҳолининг яшаш шароитини янада яхшилаш бўйича аниқ ва мақсадли тизим яратилди. Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 29 мартдаги "Обод қишлоқ дастури тўғрисида"ги Фармонига мувофиқ туманимиздаги 2 та қишлоқда ҳам ана шу дастурни амалга ошириш белгиланган.

Қишлоқларнинг ташқи қиёфасини яхшилаш ва ободонлаштириш, кўчалар, ижтимоий соҳа объектлари, ичимлик суви, электр таъминоти каби муҳим соҳаларни яхшилаш борасида кўплаб ишлар амалга оширилди. Қисқа фурсат ичида туманимиздаги иккита олис қишлоқда - Жалаер ва Қайрағочда қайта реконструкция қилиниб, замонавий кўринишга эга бўлган мактабгача таълим муассасаси фойдаланишга топширилди. Бундан ташқари, давлат шерикчилиги асосидаги хусусий боғчалар сони яна биттага кўпайди. 

Кўп хонадонли уй-жойларнинг умумфойдаланиш қисмларини таъмирлаш, маиший инфратузилма объектларини жойлаштириш, атроф ҳудудини тартибга келтириш бўйича намунавий талабларни ишлаб чиқиб, ишни шу асосда ташкил этиш, барча ҳудудлардаги қурилишларга арзон ва сифатли материалларни ўз вақтида етказиб бериш юзасидан белгиланган вазифалар ҳам талаб даражасида амалга оширилмоқда.

Энг муҳим масалалардан бири қишлоқлар аҳолиси маънавияти ва ҳуқуқий маданиятини янада оширишдан иборат эканлиги инобатга олиниб, ҳуқуқ-тартибот органлари, маданият, спорт, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳалар вакиллари доимий равишда аҳоли билан турли учрашувлар, суҳбатлар ўтказиб боришмоқда.

Туманимиз ишлаб чиқаришининг асосий тармоғи ҳисобланган қишлоқ хўжалигига янги инновацион ғоялар олиб кирилаётгани ўз самарасини бермоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 25 январдаги “Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришини ташкил этишнинг замонавий шаклларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги №53-сонли қарори асосида Республикамизнинг 13 та ҳудудида пахта етиштириш ҳамда соҳа билан бевосита  шуғулланадиган “Кластер” масъулияти чекланган жамиятлари ташкил қилинди.

Туманимизда ҳам бир неча йиллардан буён фаолият кўрсатиб келаётган “Ruso`zbekteks” хорижий қўшма корхонаси қошида  ташкил қилинган “Кластер” туманимиздаги пахта-ғалла етиштирувчи фермер хўжаликлари билан икки томонлама шартномалар тузди ва яхши ниятлар билан 6245 гектар ерга шартнома асосида чигит экилди. Йил якунида ҳар гектар ердан 25,5 центнердан, жами 16207 тонна пахта етиштирилиб, шартномавий режа 105 фойизга бажарилди. Шуни алоҳида ғурур ва фахр билан айтиш мумкинки, Риштон тумани пахта тайёрлаш шартномавий режани Республикада биринчилардан бўлиб бажарди. 

Якунланган 2019 йилда ҳам шу усул қўлланилгани туфайли туманимиз Республикада яна биринчилардан бўлиб пахта тайёрлаш режасини ортиғи билан уддалади.

Бу йилдан бошлаб қишлоқ хўжалигининг бошқа соҳаларида ҳам, хусусан боғдорчилик, полиз экинлари, ғалла етиштириш кластерлари ҳам ташкил этилди.

Қарорга кўра туманда йўл-транспорт инфратузилмаси ва муҳандислик коммуникацияларини қуриш, реконструкция қилиш ва модернизация қилиш максадлари учун Республика, маҳаллий бюджет ва маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари, шунингдек, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ, «Ўзтрансгаз» АЖ, Сув таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш жамғармаси, «Ўзбектелеком» АКнинг маблағларини йўналтириш белгиланган ва амалга оширилаётган ишлар ана шунга қаратилган. Хусусан, туман ҳудудидаги 17 км. автомобиль йўлларини таъмирлаш ва  реконструкция қилиш ишлари жадаллик билан амалга оширилмоқда.

2020 йил инвестиция дастурига асосан “Фарғона халқаси” автомобиль йўлининг 259-273 км қисмини реконструкция қилиш ишлари учун ажратилган 15,0 млрд.сўм лимит асосида хозирда пуд-рат шартномаларини расмийлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Туманимизда аҳолининг электр энергиясига бўлган талабини қондириш борасидаги ишлар ҳам талаб даражасида олиб борилмоқда. Шу мақсадда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ маблағлари ҳисобидан туманда электр энергияси таъминотини янада яхшилаш мақсадида “Риштон” нимстанциясига қўшимча қуввати 10000 кВА бўлган трансформатор ўрнатилди. Зарариқ МФЙ ҳудудидаги аҳоли ТП-463/160 кВА билан таъминланди. Бундан ташқари, Марказ, Фаровонлик, Учариқ, Қози Аҳрор, Қалайнав, Бўстон, Бўжай маҳаллаларидаги 0,4кВли ҳаво узатмалари реконструкция қилинди.

Бир сўз билан айтганда, "Обод қишлоқ" дастурини амалга ошириш борасидаги ишларни самарали ташкил этиш юзасидан аниқ вазифалар ва зарур чора-тадбирлар белгиланган ва шу асосда Риштонда улкан бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда.

Ҳадемай Риштон муҳтарам Юртбошимиз таърифлаганларидек. Республикамизда энг намунали, гўзал туманга айланади. Уни кўришга муштоқ меҳмонлар хорижлик туристлар оқими кўпайишига шак шубҳа йўқ.

Суҳбатни Аброр ДЕҲҚОНОВ ва

Зайлобиддин ЙИГИТАЛИЕВлар ёзиб олишди.



<< Aprel 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930     

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 18 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Matnda xatolik ko'rdingizmi?

Sichqoncha bilan belgilab